Рақобат қўмитаси CENTRUM AIR ҳамда Qanot Sharq хусусий авиакомпаниялар фаолиятида ортиқча билетлар сотилиши ва истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш ҳолати юзасидан Фуқаро авиацияси агентлигига сўров юборди
Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитасига бевосита келиб тушаётган мурожаатларда ва ижтимоий тармоқлар орқали CENTRUM AIR ҳамда Qanot Sharq хусусий авиакомпаниялар фаолияти юзасидан кўплаб эътирозлар билдирилмоқда.
Рақобат қўмитасига авиа қатновлар бўйича истеъмолчилардан тушган мурожаатларнинг таҳлили 2025 йилда 127 тани, 2026 йилнинг ўтган 4 ойида эса 145 та (114 фоиз) ни ташкил этиб, уларнинг сони ортиб бораётгани кузатилмоқда.
Қўмита томонидан мурожаатлар асосида олиб борилган ўрганишларда кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиниш (110 та), белгиланган вақт оралиғига риоя этмаслик (90 та) ва сифатсиз хизмат кўрсатилиши (72 та) ҳолатлари аниқланган.
Ушбу мурожаатларда асосан қуйидаги эътирозлар билдирилмоқда:
- хизмат кўрсатувчи истеъмолчига ўзи кўрсатаётган хизматлари ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этилмаслиги;
- расмийлаштирилган чипта ва олдиндан банд қилинган жойга эга бўлган йўловчига ташувчи томонидан ҳаво кемасидан жой беришни рад этилиши;
- парвозларни бир неча соатлаб кечикиши йўловчиларни аэропортларда қолиб кетиши, вақти, маблағи ҳамда режаларига жиддий таъсир кўрсатаётгани;
- авиакомпания томонидан етказилган зарар белгиланган тартиб ва миқдорда компенсaция ёки бепул қўшимча хизматлар билан қопланмаётганлиги.
Ўрганишларда мазкур авиакомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, шунингдек,«Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш» қоидалари, «Ҳаво кодекси» ва «Фуқаролик кодекси» тўғрисидаги қатор қоидаларга етарлича риоя қилинмаётганлиги маълум бўлди.
Хусусан, йўловчига етказилган зарар учун ташувчи томонидан:
- парвозгача кутиш даврида ёки транспортнинг бошқа тури орқали ташишгача бўлган вақтда озиқ-овқат ва ичимлик суви билан таъминлаш;
- ташувчи қоидаларида белгиланган муддат кутиш вақтидан кўра кўпроқ бўлса меҳмонхона билан таъминлаш ҳамда кутиш вақтида транспорт орқали аэропортдан вақтинчалик яшаш жойигача элтиб қўйиш ва қайтишни таъминлаш;
-йўловчилар сони белгиланган миқдордан ошган тақдирда қолган йўловчиларни рўйхатдан ўтказмаслиги мумкинлиги, компенсация бериш ҳамда кейинги қатновга жойни банд қилиши ва ташув чипта расмийлаштириш жараёнида бу ҳақда йўловчиларни огоҳлантириши лозим;
-чиптада назарда тутилган туташ рейсларга кечикиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш каби хизматлар етарли даражада бажарилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси томонидан истеъмолчилар номуайян доирасининг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида CENTRUM AIR ва Qanot Sharq хусусий авиакомпанияларнинг йўловчи ташишда парвозларнинг кечикиши, самолётларнинг техник носозлиги ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифатсизлиги юзасидан тўпланган маълумотларни кўриб чиқиш ва зарурий чораларни белгилаш юзасидан, Фуқаро авиaцияси агентлигига сўров юборилди.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси томонидан ўз ваколатлари доирасида республикамизда фаолият юритаётган барча авиакомпаниялар кесимида 2025-2026 йиллар давомида рейсларни белгиланган вақтдан кечикиш ҳолатлари, кечикканлиги сабаблари ҳамда истеъмолчиларга амалга оширилган компенсация юзасидан таҳлилий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Иш якунлари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилади.