Буюк Британияда май ойи учун тарихий иссиқлик рекорди янгиланди. Лондоннинг Хитроу аэропортида ҳаво ҳарорати 33,5°C га етди.
Бу мамлакатда май ойи учун кузатилган энг юқори ҳарорат бўлиб, аввалги 32,8°C рекордидан ошиб кетди. Илгариги рекорд 1922 йил 22 май куни Лондонда қайд этилган эди.
Синоптиклар маълумотига кўра, айрим ҳудудларда ҳарорат меъёрдан 15 даражагача юқори бўлган. Буюк Британияда май ойи охирида одатда ҳаво 14–20°C атрофида бўлади.
BBC синоптиги Саймон Кингнинг айтишича, куннинг энг иссиқ қисми ҳали олдинда ва ҳарорат 34–35°C гача кўтарилиши мумкин.
Кечаси ҳам рекорд янгиланди — Лондонда май ойидаги энг юқори тунги ҳарорат 19,4°C бўлди.
Иссиқ ҳаво кундалик ҳаётга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Глостерширда ўтказиладиган машҳур “пишлоқ пойгаси” мусобақаси юқори ҳарорат сабаб деярли бекор қилинишига оз қолди.
Мутахассислар бу каби аномал иссиқлик тўлқини нафақат Британия, балки бутун Европа учун хавф туғдириши мумкинлигини таъкидламоқда.