Буюк Британия Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам сифатида фойдаланмоқчи. Бу ҳақда The Times хабар берди.
Газета маълумотига кўра, Буюк Британия ҳукумати Россиянинг музлатилган 8 миллиард фунт стерлинг (10,6 миллиард доллар) активларини Украинага бериш чораларини кўрмоқда.
"Бу маблағ Украинанинг кейинги икки йилдаги молиявий эҳтиёжларининг учдан икки қисмидан кўпроғини қоплайди. Пуллар урушни давом эттириш ёки тинчлик келишувига эришилса, Украинани қайта тиклашни молиялаштириш учун сарфланиши мумкин", дея ёзади The Times.
Буюк Британия Молия вазирлигининг октябр ойида эълон қилинган маълумотларига кўра, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери Лондон Москванинг 28,7 миллиард фунт стерлинглик активларини музлатиб қўйган.