Буюк Британия Россияга қарши айрим нефть ва газ санкцияларини юмшатди. BBC маълумотига кўра, бу қарор АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ортидан юзага келган глобал ёқилғи инқирози фонида қабул қилинган.
Аввалроқ АҚШ Россия энергетикасига қарши чекловларни қисман енгиллаштирган эди. Энди эса Лондон ҳам шунга ўхшаш қадам ташлаб, Ғарб давлатлари орасида Вашингтон ортидан Россияга қарши санкцияларни юмшатган биринчи мамлакатга айланди.
Янги қарорга кўра, Буюк Британия Россия нефтидан ишлаб чиқарилган дизель ва авиация ёқилғисини учинчи давлатлар орқали импорт қилишга рухсат берди. Шунингдек, “Сахалин-2” ва “Ямал LNG” газ лойиҳаларига хизмат кўрсатиш бўйича чекловлар ҳам бекор қилинди. Энди британ компаниялари Россия суюлтирилган газини ташиш, суғурталаш ва молиялаштириш имкониятига эга бўлади.
Таҳлилчиларга кўра, бу қарор Эрон Ҳормуз бўғозини ёпганидан кейин жаҳон бозорида юзага келган нефть ва газ танқислиги билан боғлиқ. Чунки ушбу бўғоз орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади ва у ёпилганидан сўнг энергия нархлари кескин ошиб кетган.
Мутахассислар фикрича, санкцияларнинг юмшатилиши энг аввало Россия, Хитой ва Ҳиндистон учун фойдали бўлади. Россия нефть ва газ экспортдан қўшимча даромад олади, Хитой ва Ҳиндистон эса энергия таъминотидаги муаммоларни енгиллаштириш имконига эга бўлади.