Британия мудофаа вазири Жон Ҳили учиб кетаётган Қироллик ҳаво кучлари самолёти Эстониядан қайтиш вақтида GPS сигнали йўқолишига дуч келган.
BBC рус хизмати ва Британия матбуоти маълумотларига кўра, самолёт Россия чегараси яқинида учаётган пайтда навигация сигнали узилган. Шу сабабли учувчилар уч соатлик парвоз давомида бошқа навигация тизимидан фойдаланишга мажбур бўлган.
Ҳодиса ўтган ҳафта Жон Ҳилининг Эстониядаги Британия ҳарбийларига ташрифидан сўнг содир бўлган.
Британия ОАВлари эҳтимолий электрон аралашув ортида Россия туриши мумкинлигини ёзмоқда. Бироқ Москва ҳозирча бу хабарларга расмий изоҳ бермаган.
The Times нашрининг ёзишича, мудофаа вазири тўғридан тўғри электрон ҳужум нишони бўлганми-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Британия Мудофаа вазирлигидаги манба эса бу ҳолатни “Россиянинг бепарво аралашуви” деб атаган ва Қироллик ҳаво кучлари бундай таҳдидларга қарши туришга тайёрлигини билдирган.