Бу ҳақда Daily Mail хабар бермоқда.
Мамлакат Бош вазири Кир Стармер яқин иттифоқчиларига истеъфога чиқиш ниятида эканлигини ва ўз лавозимини тарк этишнинг тартибли графигини тайёрлаётганини маълум қилди.
Британия ҳукуматидаги манбанинг нашрга билдиришича, Стармер "сиёсий воқеликни тушуниб турибди" ва ҳокимият ичидаги ҳозирги инқирозни "барқарор ушлаб туриб бўлмайдиган" деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, бош вазир лавозимидан муносиб равишда ва ўз шартлари асосида кетмоқчи.
Мақолада таъкидланишича, Лейбористлар партияси ичида эҳтимолий истеъфо ҳақидаги баёнотнинг муддатлари аллақачон муҳокама қилинмоқда.
Шу билан бирга, Стармернинг айрим иттифоқчилари уни 18 июн куни Мейкерфилд округида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларни кутишга чақирмоқда. Ушбу сайловда бош вазирликка лойиқ ворислардан бири сифатида кўрилаётган Манчестер мэри Энди Бёрнҳем ўз номзодини қўйиши мумкин.
Газетанинг ёзишича, Бёрнҳемнинг тарафдорлари Кир Стармернинг кетиши ҳақидаги муддатидан олдин бериладиган баёнот сайлов кампаниясини қийинлаштириб юборишидан хавотирда. Мэрнинг иттифоқчиларидан бири улар учун сайловларни қуйидаги шиор остида олиб бориш фойдалироқ эканлигини айтган: "Агар сиз Эндига овоз берсангиз, у Вестминстерга келади ва Стармерни Даунинг-стритдан чиқариб юборади", – дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Лейбористлар партияси маҳаллий сайловларда мағлубиятга учраган эди. Шундан сўнг бош вазирнинг истеъфоси ҳақидаги масала кўтарила бошлади. Айни пайтда Стармернинг ўзи лавозимини тарк этиш нияти йўқлигини маълум қилган эди.