Агентликнинг манбаларига таяниб хабар беришича, Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари, жумладан Қўшма Штатлар Киевга ёрдам етказиш логистикасини нишонга олувчи эҳтимолий киберҳужум ҳақида огоҳлантирувчи тавсия хатини эълон қилди.
Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик марказининг (NCSC) операциялар бўйича директори Пол Чичестернинг сўзларига кўра, бу ҳужумни Россия ҳарбий разведкаси уюштирмоқда.
"Ушбу киберҳужум Украинага ёрдам етказиб бераётган тузилмалар учун жиддий таҳдид туғдиради", — дея фикр билдирди Чичестер.
Қайд этилишича, киберкампания NATO'га аъзо кўплаб давлатлардаги мудофаа, IT-хизматлари, денгиз транспорти, аэропортлар, портлар ва ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларига ҳам йўналтирилган бўлади.
Россия Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик марказининг мазкур хабарига изоҳ бермаган.