Ноқонуний ов билан шуғулланган фуқаролар Экополиция ходимларига қаршилик кўрсатган. Ҳодиса оқибатида ходимлардан бири тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Бухоро вилоятининг Пешку туманида ноқонуний ов билан шуғулланган беш нафар фуқаро Экополиция ходимларига қаршилик кўрсатди. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Мутахассислар Қорақир массивида рейд тадбирини ўтказган. Текширув давомида беш нафар маҳаллий фуқаро тақиқланган тунги ёритиш мосламалари ва ов қуролларидан фойдаланиб, ноқонуний ов билан шуғуллангани аниқланган. Улар 13 та қуён овлаган.
Ходимлар текшириш мақсадида «УАЗ» русумли автомашинани тўхтатган. Автомашинада бўлган фуқаролар ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга қаршилик кўрсатган.
Ҳодиса давомида Экополиция ходимларидан бири тан жароҳати олган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.