Бугун, 23 октябрь куни футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-тури доирасида иккита учрашув ўтказилади. Куннинг марказий баҳсида чемпионлик учун курашаётган "Пахтакор" ва "Нефтчи" жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
Мазкур учрашув чемпионлик пойгасида муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда Фарғонанинг "Нефтчи" клуби 24 та ўйиндан кейин 55 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Тошкентнинг "Пахтакор" жамоаси эса 53 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Шу боис бугунги баҳсда "Пахтакор" ғалаба қозонса, рақибини ортда қолдириб, биринчи ўринга кўтарилади. "Нефтчи"нинг ғалабаси эса фарғоналикларнинг асосий таъқибчисидан беш очколик устунликка эришишини таъминлайди.
Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари тарихида "Пахтакор" устунликка эга. Шу кунгача ўтказилган 63 та учрашувнинг 32 тасида тошкентликлар, 22 тасида фарғоналиклар ғалаба қозонган. Қолган 9 та баҳс дуранг билан якунланган.
Тошкентдаги учрашув соат 19:00 да бошланади. Уни бош ҳакам Фирдавс Норсафаров бошқариб боради.
Куннинг яна бир баҳсида "Бухоро" ўз майдонида Термизнинг "Сурхон" жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашув ҳам соат 19:00 да старт олади. Баҳсга Жасур Мухторов бош ҳакам этиб тайинланган.
Суперлига. 25-тур
23 октябрь, жума
19:00. "Пахтакор" – "Нефтчи"
19:00. "Бухоро" – "Сурхон"