Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг ғарбий минтақасида тўртинчи тур учрашувлари ўтказилмоқда.
Ушбу турдан ўрин олган "Персеполис" - "Ал-Гарафа" баҳси 1:1 ҳисобида ўз якунига етган бўлса, "Ал-Ҳилол" ўз майдонида "Истиқлол"ни қабул қилиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Шунингдек, “Ал Аҳли” бу турда “Ал Шорта” устидан 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, “Ал Васл” – “Ал Садд” учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилди.
Бугун, 5 ноябрь куни мусобақанинг 4-турида “Пахтакор” –“Ар-Райан”, “Ан-Наср” – “Ал-Айн” баҳсига гувоҳ бўламиз. “Пахтакор” –“Ар-Райан” учрашувини япониялик ҳакамлар гуруҳи бошқаради.
Шу ўринда, бугун пойтахтимиздаги “Жар” стадионида ўтказиладиган “Пахтакор” –“Ар-Райан” учрашуви олдидан ушбу жамоалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим кўрдик.
Пойтахтимизнинг бош жамоаси Қатарнинг “Ар-Райан” клуби билан илгари тўқнаш келмаган бўлса-да, бу мамлакат клубларига қарши бир неча бор ўйин ўтказган.
Энди эса “Ар-Райан” ҳақида айрим маълумотларга эътиборингизни қаратамиз. Жамоа 8 карра Қатар чемпиони бўлиб, 6 бор Қатар Амири кубоги, 4 марта Қатар кубоги ва 5 марта Шайх Жассим кубоги ғолибига айланган. Охирги чемпионлигини 2015-16 йилги мавсумда қўлга киритган.
Жамоани маҳаллий мутахассис Юнус Али бошқариб келмоқда. Чемпионлар лигаси учун “Ар-Райан” сафида қатарлик ўйинчилардан ташқари 12 нафар хорижлик футболчи рўйхатдан ўтказилган. “Пахтакор” ҳақида эса мамлакатимиз футбол мухлислари етарлича маълумотга эга эканига шубҳа йўқ.
Дарвоқе, “Пахтакор” Қатарнинг бошқа жамоалари билан халқаро мусобақаларда фақат Чемпионлар лигасида ўйнаган. Аниқроғи, Қатарнинг 5 клубига қарши жами 18 учрашувда майдонга тушган. “Ал-Гарафа” билан энг кўп дуч келган – 6 бор. "Ас-Садд" ва "Ал-Духайл" билан тўрт мартадан, “Қатар” СК ва “Ал-Араби” билан эса иккитадан учрашув ўтказилган. Бу ўйинларда 5 ғалаба, 5 дуранг ва 8 мағлубият кузатилган. Рақиблар дарвозалари 26 марта ишғол қилиниб, 29 та тўп ўтказиб юборилган.
Тошкентда Қатар жамоаларига қарши етти беллашув бўлиб ўтган. Уларда 4 ғалаба ва 3 дуранг қайд этилган. 14 та тўп киритилган ва 6 гол ўтказиб юборилган.