Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучларининг ядровий қурол олиб юриш имкониятига эга бўлган тўртта «Vanguard» туридаги сувости кемасидан учтаси денгизга чиқди.
Бу ҳақда The Times газетасига манбалар маълум қилди.
Қайд этилишича, бу сўнгги беш йилдан ортиқ вақт давомида кузатилган илк шундай ҳолат бўлиши мумкин. Қоидаларга кўра, «Vanguard» туридаги сувости кемаларидан бири доимий равишда денгизда жанговар навбатчиликни ўтайди. Нашр маълумотларига кўра, қолган иккита кема машғулотлар ва келгуси патруллик операцияларига тайёргарлик жараёнида бўлиши мумкин.
Газетанинг таъкидлашича, жанговар вазифаларни бажаришга қодир бўлган учта сувости кемасининг мавжудлиги Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучларига экипажларнинг патрулликда бўлиш муддатини қисқартириш имконини беради. Аввалроқ Британия оммавий ахборот воситалари мамлакат ҳарбий хизматчиларига ортиқча юклама тушаётгани ҳақида хабар берган эди. Жумладан, улар жанговар навбатчиликдаги сувости кемасида олти ойгача қолишга мажбур бўлмоқда. Бундай ҳолат бошқа сувости кемалари денгизга чиқишга тайёр бўлмагани ёки таъмирланаётгани сабабли юзага келади.
Британия сувости флоти таркибига «Vanguard» синфига мансуб тўртта атом сувости кемаси киради: HMS Vanguard, HMS Vengeance, HMS Victorious ва HMS Vigilant. Уларнинг барчаси 1990-йилларда қурилган бўлиб, Trident II (D5) баллистик ракеталари билан жиҳозланган.
Буюк Британиянинг 2021 йилда эълон қилинган хавфсизлик, мудофаа ва ташқи сиёсат соҳаларидаги комплекс таҳлилига мувофиқ, 2030-йилларнинг бошларидан ушбу сувости кемаларини янги «Dreadnought» синфига мансуб кемалар билан босқичма-босқич алмаштириш бошланади.