"Сан-Паулу" клуби ярим ҳимоячиси Оскар профессионал фаолиятини якунлаш ҳақида ўйламоқда, деб хабар беради Globo Esporte. 34 ёшли бразилиялик ҳозирда юраги билан боғлиқ муаммо туфайли текширувдан ўтмоқда.
Оскар сешанба куни эрталаб клуб машғулот марказидаги велотренажерда оралиқ тест пайтида ўзини ёмон ҳис қилди. У тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетилган.
Манбага кўра, футболчи "Сан-Паулу" билан шартномани бекор қилиб, фаолиятини якунлаш ҳақида ўйламоқда. Оскар бир неча ойдан бери юраги билан боғлиқ муаммолар туфайли шифокорлар назоратида. Август ойида ўйинда олган жароҳати туфайли у текширувдан ўтди, ўшанда патология аниқланди, аммо футболчи ўйнашга рухсат олди.
Бу мавсумда Оскар барча турнирларда 21 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. У бунгача "Шанхай СИПГ", "Челси" ва "Интернасьонал" клубларида ҳам тўп тепган.