Бугун 11 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Болгарияда 86 та автомобиль иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди

Болгарияда 86 та автомобиль иштирокида йирик ЙТҲ содир бўлди

Болгариянинг жануби-шарқидаги Ямбол шаҳри яқинида жойлашган «Фракия» автомагистралида 86 та автомобиль иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда камида 12 киши ҳалок бўлди, 46 киши жароҳатланди. Дастлабки маълумотларга кўра, фожиага қуюқ туман сабаб бўлган.

Ҳодиса 10 ноябрь, сешанба куни эрталаб содир бўлган. Болгария ҳукуматининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 07:00 атрофида Софияни Қора денгиз соҳилидаги Бургас шаҳри билан боғловчи автомагистралнинг қарама-қарши йўналишларида бир нечта тўқнашувлар юз берган. Ҳалокатда кўплаб юк машиналари ҳам иштирок этган.

ЙТҲдан сўнг автомагистралнинг ҳар икки йўналишида ҳаракат тўлиқ тўхтатилган.

Болгария соғлиқни сақлаш вазири Катя Ивкованинг маълум қилишича, 10 киши воқеа жойида, яна икки киши эса шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган.

Жароҳатланганлар Сливен, Ямбол ва Бургас шаҳарларидаги тиббиёт муассасаларига етказилган.

Ямбол вилояти губернатори Георги Чалаков ҳодисани минтақа учун мисли кўрилмаган фожиа деб атади. Унинг сўзларига кўра, ҳалокат кўламини тасвирлаш ҳам қийин.

Полиция ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов бошлади. Дастлабки тахминларга кўра, қуюқ туман туфайли кўриш масофасининг кескин қисқариши, йўл қопламасининг намлиги ва об-ҳаво шароитига мос бўлмаган тезлик оммавий тўқнашувларга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Фожиа муносабати билан Болгария бош вазири Румен Радев режалаштирилган тадбирларининг бир қисмини бекор қилиб, ҳодиса жойига йўл олди.

Болгарияда ишчи ташриф билан бўлиб турган Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйеннинг ташриф дастурига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Киритилди: 23:36 10.11.2026. Ўқилди: 268 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар