Бугун 8 сентябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Бобур ҳақидаги фильм тўғрисида баҳсларга муносабат билдирилди

Бобур ҳақидаги фильм тўғрисида баҳсларга муносабат билдирилди

Сўнгги вақтларда тармоқларда ҳинд кино ижодкорлари томонидан бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида «Буюк мўғул императори Бобур» номли фильм олинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳатто фильмнинг тизерлари ҳам тармоқларда кенг ёйилмоқда. Бу ҳолат мамлакатимиз жамоатчилиги ва зиёлиларни жиддий ташвишга солиб, кескин муносабатларга сабаб бўлди.

“Шу қаторида, мени ҳам бу вазият қаттиқ ташвишга солди ва тегишли давлат ташкилотлари, элчихоналар билан боғланиб, вазият юзасидан маълумот олиш учун ҳаракат қилдим. Айтиш лозимки, фильм ҳақидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқ ва бу масалага ойдинлик киритилмоқда”, — дея муносабат билдирди ўз Телеграм саҳифасида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов.

Унинг қайд этишича, бу борада яна аниқлик киритилиб, қўшимча хабар берилади.

“Мени хурсанд қилгани шуки, миллий ғурур ва ватанпарварлик шунчаки китоблар ва қуруқ сўзларда эмас, халқимиз онгу шуурида яшамоқда. Кенг жамоатчилик бу каби ҳолатларга бефарқ эмас. Бу айнан Президентимиз айтган, таҳликали вазиятларда миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар жасорат билан майдонга чиқаётганликларининг бир кўринишидир.

Республика Маънавият ва маърифат маркази кенг жамоатчиликка, зиёлиларга бефарқ бўлмагани, аждодларимиз билан боғлиқ тарихимизни тарғиб қилиш ҳақидаги фикрлари учун миннатдорчилик билдиради.

Агар миллат масъулияти йўлида ҳамфикр бўлиб бирлашсак, бу каби қадриятларимиз, тарихимиз ва ўзлигимизга қаратилган таҳдидларга қарши тура оламиз”, — деб ёзади Отабек Ҳасанов.

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда энг қадимги ўтмишдан то яқин тарихгача бўлган даврни ўз ичига олган «Тирик тарих» лойиҳаси доирасида саркардаларимиз ва алломаларимиз ҳақида туркум фильмлар яратилмоқда. Бу лойиҳа тез орада ўз самарасини бериб, миллий ўзлигимиз билан боғлиқ тарихимиз экранларда гавдаланади.

Киритилди: 06:56 27.07.2024. Ўқилди: 1004 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!