БМТ урушларнинг олдини олиш, ҳатто ўз ходимларини ҳимоя қилиш ва Исроилни жиноятлари учун жавобгарликка тортиш вазифасини бажара олмаяпти.
Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Нью-Йоркдаги Турк уйида журналистлар саволларига жавоб берар экан. Давлат раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида иштирок этиш учун АҚШда бўлди.
«Мавжуд тизимга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси хоҳлаганини қила олади», деди Президент Эрдоған.
Унинг таъкидлашича, дунёда мусулмон давлатлари сони кўп бўлишига қарамай, уларнинг ҳеч бири БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари қаторида эмас.
Давлат раҳбари, шунингдек, «Фаластинда геноцид содир этган жиноятчи (Нетаняху) БМТ ишида иштирок этишини шармандалик» деб атади.
Исроилнинг Ғазо сектори ва Ливанга нисбатан ҳаракатлари ҳақида гапирар экан, у «Исроил ўзининг хаёлий орзусига эришиш учун минтақа аҳолиси ҳаётини даҳшатли тушга айлантиришга тайёр», деб таъкидлади.
Россия-Украина можароси мавзусига тўхталар экан, президент Туркиянинг Украина бўйича тинчлик конференциясида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Унинг фикрича, Туркия Россия-Украина можаросини адолатли тинчлик асосида ҳал этиш тарафдори.
Туркиянинг НАТО доирасидаги фаолиятини шарҳлар экан, у Анқара ўз мажбуриятлари ва масъулиятини биладиган ва уларни тўлиқ амалга оширувчи альянснинг ишончли иттифоқчиси эканлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари Жанубий Кавказдаги вазиятга тўхталиб, Туркия Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши ва яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилиши тарафдори эканини, бу борада зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишини таъкидлади.
Туркия раҳбари Анқаранинг БРИКС ва АСEАНга аъзо бўлиш истиқболлари ҳақида ўз фикрини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Туркиянинг бу ташкилотларда бўлиши улар қамраб олган ҳудудларнинг «арифметикасини» ўзгартиради.
Давлат раҳбари, шунингдек, ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари фонида Туркия-Америка муносабатларининг истиқболлари ҳақида ҳам фикр билдирди. «Умид қиламанки, янги раҳбарият аввалгисидан ёмон бўлмайди. Ф-35 муаммоси нафақат Доналд Трамп маъмурияти даврида мавжуд эди. Республикачилар ва демократлар бўлсин, барча маъмуриятларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Кўрамиз, янги даврда ҳам шундай давом этадими», деди давлат раҳбари.