Ўзбекистон делегациясининг таклифига биноан БМТ Бош котиби ўринбосари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) Ижрочи директори Ингер Андерсен Боку шаҳрида CОP29да тақдим этилган Ўзбекистон Миллий павильонига ташриф буюрди.
И. Андерсен вақти тиғиз бўлсада, Ўзбекистон павильонига қизиқиши юқори бўлганлиги учун атайин ташриф буюрганини ва республикага ташрифини катта таассуротлар билан ёдга олишини таъкидлади.
Ташриф давомида БМТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистонга UNEP ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан, UNEPнинг экологик конвенцияларининг юқори даражадаги тадбирларини фаол бошлаганлиги, шу жумладан, БМТ Конвенциясининг бажарилишини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси (UNCCD CRIC21), Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши (CМС CОP14) ва Йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши (CITES COP20) учун миннатдорлик билдирди.
И. Андерсен, шунингдек, CОP29 кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони мамлакатнинг барқарор ривожланиш масалаларини ҳал этишга ҳар томонлама ёндашувини намойиш этганини айтиб ўтди. Қолаверса, павильон экспозицияси ўзининг мазмун-моҳияти ва республиканинг бой табиий ва маданий меросини акс эттириши билан бошқа мамлакатлар учун илҳомлантирувчи намуна яратишини таъкидлади.
UNEP раҳбари 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES COP20) иштирокчиларининг 20-конференциясига таклиф қилинди.