Маълумки, Жиноят кодексининг 182-моддасида божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун санкциялар белгиланган бўлиб, унга кўра товар ёки бошқа қимматликларни божхона назоратини четлаб ёки божхона назоратидан яшириб, декларациясиз жуда кўп миқдорда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг 21.02.2025 йилдаги ҳукмига кўра, фуқаро Ш.М. ноқонуний йўллар билан кондиционерлар олиб кирганликда айбланиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, яъни 102 000 000 сўм жарима ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, Ш.М. га жиноий жаримани ихтиёрий равишда тўлаш учун 15 кун муддат берилган. Шунингдек, Қонуннинг 42-1-моддасига асосан қарздорнинг Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида қарздор Ш.М.дан 102 000 000 сўм жарима пуллари тўлиқ ундирилди.