Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Суд тизимини ислоҳ килишга қаратилган кенг қамровли чораларга қарамасдан, суд фаолиятида ҳозирги кунга қадар сақланиб келаётган муаммолар ушбу соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш заруратини келтириб чиқармоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармонининг қабул қилиниши суд-хуқуқ тизимини такомиллаштириш ва либераллаштириш зарурияти билан асослидир.
Мазкур фармон мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини оширишни суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида асосий устувор йўналишлари этиб белгилаб берди.
Қайд этилган Фармонга кўра эса, ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилмоқда. Яъни,
- суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;
- туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш жорий этилмоқда.
Ушбу Фармон фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини суд орқали ҳимояга қилишга, уларнинг такрор-такрор судга мурожаат қилиб, узоқ ва яқин жойлардан судга келиб сарсон-саргардон бўлмаслиги олдини олишга хизмат қилади.
Бундан ташқари ушбу Фармон билан:
- жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш;
-давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;
-прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;
-қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш жорий этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқиб, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва уларнинг судга бўлган ишончини оширишга эришиш, суд ҳокимияти обрўсини кўтариш баробарида, суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш ҳисобланади.
Нодиржон Раимқулов,
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси