Бугун 22 август, 2026 йил, шанба

O'ZB

Бир нотўғри маълумот The New York Timesга 9,25 миллион долларга тушди

Бир нотўғри маълумот The New York Timesга 9,25 миллион долларга тушди

Американинг The New York Times газетаси учун сўнгги ярим асрда кузатилмаган суд прецеденти қайд этилди. Нашр туҳмат билан боғлиқ ишда айбдор деб топилиб, собиқ баскетболчи Кай Спирсга 9,25 миллион доллар товон тўлаши белгиланди.

Associated Press маълумотига кўра, можарога 2023 йилда Алабама штатида содир бўлган отишма ҳақидаги мақола сабаб бўлган. The New York Times ўша материалда Алабама университети баскетбол жамоасининг собиқ аъзоси Спирсни воқеа жойида бўлган шахслар қаторида кўрсатган. Кейинчалик бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланган. Мазкур отишма оқибатида бир аёл ҳалок бўлган эди.

Спирс мақола эълон қилинганидан кейин 2023 йилда газетани судга берган. Даъво киритилганидан икки кун ўтиб, нашр баҳсли маълумотни тузатган.

Ишни кўриб чиққан ҳакамлар ҳайъати эса Спирс фойдасига қарор чиқариб, The New York Times зиммасига 9,25 миллион доллар миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклади.

Газета бу қарорга қўшилмаяпти. The New York Times ўз позициясида нотўғри маълумот қасддан тарқатилмагани, балки беихтиёр хатога йўл қўйилганини таъкидламоқда. Шунингдек, нашр вакиллари ҳакамлар қарорини ҳамда белгиланган товон миқдорини қонун ва иш бўйича тақдим этилган далилларга мос эмас деб ҳисобламоқда.

Газетанинг қайд этишича, бу The New York Timesнинг АҚШда ўз материаллари билан боғлиқ туҳмат ишида 50 йилдан ортиқ вақт ичидаги илк мағлубиятидир.

Киритилди: 23:02 21.08.2026. Ўқилди: 232 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!