Бугун 21 август, 2026 йил, жума

O'ZB

Байрам арафасида тиббиёт ходимаси вафоти учун 154 миллион сўм тўлаб берилди

Байрам арафасида тиббиёт ходимаси вафоти учун 154 миллион сўм тўлаб берилди


Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 13.07.2026 йилдаги ижро варақасига асосан Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмасидан ундирувчи Ш.Я. фойдасига 154 млн. 172 минг сўм ундирилиши кўрсатилган.

Маълумот учун, ундирувчи Ш.Я.нинг онаси Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси муассасасида меҳнат қилган. Иш жараёнида бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, у йиқилиб жароҳат олган ва маълум вақт даволанганига қарамай, вафот этган. Шу боис, марҳуманинг қизи меҳнат вазифасини бажариш чоғида вафот этган ходимнинг ҳуқуқлари бузилганини асос қилиб, қонунчиликка мувофиқ компенсация тайинлаш юзасидан судга мурожаат қилган ва иш вилоят судлов ҳайъатига етиб борган.

Суд томонидан иш холис ва адолатли тарзда кўриб чиқилиб, меҳнатда ҳалок бўлган ходимнинг қизи Ш.Я. фойдасига тўланиши лозим бўлган компенсация маблағини ундириб бериш ҳақида қарор қабул қилинган.

Суд ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюросининг Пахтаобод туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилди. Қарздор ташкилот компенсация маблағини ихтиёрий равишда тўламагани сабабли, мажбурий ижро чоралари кўрилиб, ташкилотнинг мол-мулклари хатланди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ундирувчи Ш.Я.нинг фойдасига суд ҳужжатида белгиланган 154 млн 172 минг сўм компенсация тўлиқ ундириб берилди.

Меҳнат муносабатлари жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан қонун билан қатъий ҳимоя қилинади. Суд томонидан қабул қилинган мазкур қарор — меҳнатда ҳалок бўлган ходимлар меросхўрларининг ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланганининг яна бир амалий ифодасидир. Албатта, моддий компенсация инсон ҳаётининг ўрнини боса олмайди, бироқ унинг берилгани адолат қарор топганидан далолатдир.

Киритилди: Бугун 21:21. Ўқилди: 305 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!