«Барселона» Мюнхеннинг «Бавария» клуби ҳужумчиси Харри Кейннинг эҳтимолий трансфери бўйича маълумот тўпламоқда.
Англиялик футболчи Испанияга кўчиб ўтиш имкониятига ижобий қарайди, деб хабар берди Sport.es.
Манба маълумотларига кўра, 32 ёшли ҳужумчининг шартномасида 2026 йил ёзида кучга кирадиган 65 миллион еврога тенг бўлган товон пули банди мавжуд. «Кўк-анорранглилар» Кейнни 37 ёшли Роберт Левандовски ўрнига олишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, трансфер клубнинг молиявий аҳволига боғлиқ бўлади.
Кейнга фақат «Барселона» эмас, балки уни қайта олиб келмоқчи бўлган собиқ жамоаси «Тоттенхэм» ҳамда Саудия Арабистони клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Жорий мавсумда Кейн барча мусобақаларда 15 та учрашувда майдонга тушиб, 22 та гол ва 3 та голли узатма беришга муваффақ бўлди. Унинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2027 йил ёзигача мўлжалланган.
Transfermarkt маълумотларига кўра, ҳужумчининг бозор қиймати 75 миллион еврога тенг.