«Манчестер Сити» ва Англия терма жамоаси ҳимоячиси Жон Стоунс ёзда клубни тарк этади. Томонлар амалдаги меҳнат шартномасини узайтирмасликка қарор қилишди, демак, 31 ёшли футболчи мавсум якунида эркин агентга айланади.
Бошқа бир манбанинг хабарига кўра, тажрибали ҳимоячи фаолиятини Испанияда давом эттириши мумкин. Каталониянинг «Барселона» клуби Стоунсни ўз сафига қўшиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Текинга қўлга киритилиши мумкин бўлган топ-даражадаги ҳимоячи «кўк-анорранглилар» учун айни муддао бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Жон Стоунс «Манчестер Сити» сафида жами 293 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 19 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди. У Гвардиола жамоасининг кўплаб совринларни, жумладан, треблни қўлга киритишида асосий роллардан бирини ўйнаган эди.