14 апрель куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатлари ўртасида савдо салоҳиятини кенгайтириш: қўшма тақиқотлар ва стратегик ечимлар” мавзусидаги халқаро конференцияси доирасида иқлим ўзгариши масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуманнинг “Барқарор ривожланиш: яшил иқтисодиёт ва ижтимоий-демографик муаммолар” сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бахтиёр Мустафаев маъруза билан иштирок этди.
Унинг сўзларига кўра, бугун туркий давлатлар иқтисодий, сиёсий, хавфсизлик ва замонавий технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик билан бир қаторда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш масаласида ҳам алоқаларни кучайтиришмоқда.
“ТДТ ўз эътибори марказидаги яна бир муҳим соҳа – иқлим ўзгаришлари муаммолари билан кураш йўналиши ҳисобланади”, дейди эксперт.
ТДТ иқлим ўзгаришларига энг таъсирчан минтақалардан саналади. Шу нуқтаи-назардан экологик муаммоларга қарши самарали миллий кураш тизимини яратиш биринчи навбатда глобал ҳамкорлар билан эмас, балки минтақавий шериклар билан мувофиқлаштирувчи механизмларни яратишни талаб этади.
Қолаверса, туркий халқларга хос бўлган умумий жиҳат
бу атроф-муҳитга бўлган юқори масъулият ҳиссидир.
Б.Мустафаевнинг сўзларига кўра, туркий халқларда “омонат” тушунчаси муҳим ўрин тутади. “Яъни, атроф-муҳит – бизга аждодларимиздан мерос қолган ва биз авлодларимизга “эсон-омон” етказишимиз керак бўлган омонатдир. Шундай экан, ушбу омонатни иқлим ўзгаришлари синовлари шароитида биргаликда сақлаб қолиш бизнинг умумий вазифамиздир”, деб таъкидлади СМТИ вакили.
Эксперт фикрича, ўтган 2024 йил чин ва рамзий маънода туркий давлатлар учун экология йили бўлди. Чунки ТДТнинг расмий
ва норасмий саммитларида илк бора иқлим ўзгаришларига қарши ташкилот доирасидаги биргаликдаги кураш механизмларини яратиш бўйича салмоқли ташаббуслар илгари сурилди.
Мазкур таклифлар асосида “Туркий яшил назар” стратегияси қабул қилинди. Мазкур концептуал хужжат барча аъзо мамлакатлар қарашлар тизимини якдиллаштириш ва истиқболдаги иқлим сиёсатини мувофиқлаштириш учун муҳим қадам бўлди.
Қолаверса, 2024 йилнинг 14-ноябрь куни яна бир тарихий ҳодисанинг бўлди. Яъни, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар Атроф-муҳит ва экология бўйича масъул вазирларининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
“Бу ТДТ доирасида иқлим ўзгариши соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг тизимли асосда ривожланаётганлиги – янги босқичнинг бошланганлиги кўрсатади”, дейди таҳлилчи.
Бундан ташқари иқлим ўзгаришлари бўйича ҳамкорлик айрим туркий давлатлар ўртасида янада мустаҳкамроқ ривож топаётганлигини алоҳида таъкидланди. Хусусан, 2024 йили Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида “Яшил технологияларни ривожлантириш ва улардан ўзаро фойдаланиш бўйича Стратегик шериклик” шартномаси имзоланганлиги айтиб ўтилди.
Шу ўринда Б.Мустафаев Туркий давлатлар ўртасида атроф-муҳитни сақлаш бўйича шерикчилик муносабатларининг ҳам кўптомонлама, ҳам иккитомонлама шаклларда янги босқичга кўтарилишида Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни борлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон ТДТ доирасида экологик ҳамкорликни кучайтириш, биргаликдаги “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш ва иқлим сиёсатини мувофиқлаштиришдан ҳар томонлама манфаатдор. Масалан, сўнгги саммит доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қароргоҳи Нукус шаҳрида бўлган Туркий экологик кенгашни ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини тегишли вазирлар даражасида Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилди.
Кенгаш экологик соҳадаги умумий сиёсатни шакллантириш, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун зарурий институционал асос бўлиб хизмат қилади.
Иқлим ўзгаришлари бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш биргаликдаги ҳаракатларнинг концептуал асосларини ҳам кучайтиришни талаб этади. “Бу борада Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида “Яшил энергетика сари туркий ҳаракат” концепциясини қабул қилиш яна бир муҳим қадам бўлади”, дейди эксперт.
Мутахассис фикрига кўра, мазкур хужжат қабул қилинган Туркий давлатлар ташкилотининг “Туркий яшил назар” стратегиясини ҳам мантиқан, ҳам мазмунан тўлдириб, иқлим ўзгаришлари бўйича тегишли соҳалардаги алоҳида ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутади.
Шунингдек, Б.Мустафаев тадбир иштирокчиларини иқлим ўзгаришлари бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иқлим муаммоларига катта эътибор қаратаётганлигига алоҳида ўрғу берилди. Давлат раҳбари сўзларига кўра, “Бугунги кунда экология рақамли технологиялар каби муҳим соҳага айланиб бормоқда. Келажакда барча соҳалар атроф-муҳитга мос равишда ривожланиши керак”.
Ўзбекистон ана шу тамойилга амал қилган ҳолда “яшил” келажак сари кенг кўламли қадамлар ташламоқда. Хусусан, иссиқхона газлари чиқиндиларини 2030 йилгача 35 фоизга камайтириш мажбуриятини олган Париж келишувини ратификация қилинди.
2025-йил Ўзбекистонда “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети – Яшил университети ташкил этилди.
Университет иқлимшуносликдан тортиб яшил технологияларгача бўлган энг замонавий экологик йўналишларни қамраб олган биринчи ихтисослаштирилган олий таълим муассасасига айланди.
Эксперт фикрига кўра, Ўзбекистон ички муваффақиятлар билан бирга қўшнилар ва ташқи шериклар билан ҳамкорликка ҳам катта эътибор қаратмоқда. Минтақавий даражада Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари учун “Яшил кун тартиби” минтақавий дастури қабул қилинди. Яқинда Самарқандда бўлиб ўтган юқори даражадаги Форумда Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган Марказий Осиё Яшил ривожланиш концепцияси тақдим этилди.
“Ўзбекистон иқлим ўзгаришлари бўйича мувофиқлаштирилган сиёсатни Марказий Осиё сарҳадлари билан чекламоқчи эмас”, дейди мутахассис. Унинг сўзларига кўра, ТДТ умумий экологик муаммоларни ҳал этишдаги кейинги муҳим сиёсий майдонга айланиши керак. Ушбу мақсадда бир қанча таклифлар илгари сурилди:
Биринчидан, иқлим мониторингининг умумтуркий ягона рақамли платформасини ишлаб чиқиш. Ҳозиргача бизда у ёки бу туркий мамлакатдаги экологик ҳолат бўйича ишончли маълумотлар базаси мавжуд эмас. Иқлим ўзгаришлар билан курашиш йўлидаги биринчи қадам ягона маълумотлар базасини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим. Бундай тезкор ахборот алмашиш имконияти мувофиқлаштирилган стратегик қарорлар қабул қилишни тезлаштириб, иқлим сиёсатини барча мамлакатлар умумий манфаатлари нуқтаи-назаридан юритишга имкон беради.
Иккинчидан, биргаликда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини яратиш. Ҳозирги кунда ТДТ барча аъзо мамлакатларида ўзини қайта тикловчи энергия манбаларига ўтиш жараёнлари бошланди. Лекин кўплаб давлатларда ҳалигача мазкур технологияларни эксплуатация қилиш жараёнида тўғри хизмат кўрсатиш бўйича кадрлар базаси мавжуд эмас. Шунинг учун ТДТ давлатлари умумий ўқитиш платформасини яратишдан манфаатдорлар. Бу яшил технологияларга ўтиш жараёнини тезлаштириб, улардан фойдаланиш самарадорлигини янада оширади.
Учинчидан, ТДТ давлатлари ўртасида яшил технологияларга ўтишда “айланма иқтисодиёт” моделининг концептуаль асосларини жорий этиш. Бу лойиҳа қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини бир неча баробар оширишга имкон яратади. Чунки ТДТ давлатларида биргина эксплуатациядан чиққан қуёш панелларидан қайта фойдаланиш бўйича кўникма, зарурий механизм ва инфраструктура мавжуд эмас. Мазкур технологияларсиз қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзи атроф-муҳитга зарар келтирувчи омилга айланиб қолиши мумкин.