Навоий вилоятидаги Айдаркўл бўйида 150 гектар майдонни қамраб оладиган йирик туристик-рекреацион мажмуа ташкил этиш режалаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, кемпинглар ва бошқа туристик инфратузилма объектлари барпо этилиши кўзда тутилган.
Янги мажмуа йил давомида сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида бешта меҳмонхона, 20 та дам олиш ва соғломлаштириш объекти, 25 та кемпинг, коттежлар, ресторанлар ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилган.
Мажмуа бир вақтнинг ўзида 2 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа натижасида йилига 500 минг нафар сайёҳни, жумладан, 200 минг нафар хорижий ва 300 минг нафар маҳаллий сайёҳни жалб этиш мақсад қилинган. Шунингдек, ҳудудда 300 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Бугунги кунда Айдаркўл Навоий вилоятининг табиий ва чўл туризми салоҳияти юқори бўлган ҳудудларидан бири ҳисобланади. Кўл акваториясининг 132 минг гектари вилоят ҳудудига тўғри келади. Шундан 101 минг гектари Нурота тумани, 31 минг гектари эса Конимех тумани ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозирда Айдаркўл ҳудудида 94 та жойлаштириш объекти фаолият юритмоқда. Уларнинг тўққизтаси ўтов лагери, 16 таси контейнер туридаги жойлаштириш объекти, 67 таси коттеж ва иккитаси кемпингдан иборат. Мавжуд инфратузилма бир вақтнинг ўзида минг нафаргача сайёҳни қабул қилиш имконини беради.
Янги туристик мажмуанинг ташкил этилиши ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларини кенгайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Айдаркўл ҳудудидаги фаол туристик масканлардан бири — Қизилқум Сафари мажмуаси. Ушбу маскан сайёҳларни Қизилқум чўлининг бетакрор табиати ва кўчманчи халқларнинг анъанавий турмуш тарзи билан таништиради. Бу ерда меҳмонлар ўтовларда дам олиш, миллий таомлардан татиб кўриш ва маҳаллий маданий анъаналар билан яқиндан танишиш имкониятига эга.
Айдаркўл соҳилида жойлашган Голден Сафари мажмуаси ҳам сайёҳлар учун ўзига хос дам олиш имкониятларини таклиф этади. Ўтов лагерида кўл бўйида ҳордиқ чиқариш, анъанавий ўтовлардатунаш ва чўл манзараларидан баҳраманд бўлиш мумкин.
Бундан ташқари, Конимех туманида сафари,табиий ва саргузашт туризмига ихтисослашган (Uzbekistan for You) туристик объекти ҳам фаолият юритмоқда.
Мазкур масканлар Айдаркўл бўйидаги ҳордиқни Қизилқум чўли бўйлаб саёҳатлар билан бирлаштириш, сайёҳларга ҳудуднинг табиий ва маданий меросини кенгроқ намойиш этиш имконини бермоқда.
Айдаркўлнинг туристик салоҳиятини янада ошириш мақсадида ҳудудга инвестициялар жалб этиш,янги жойлаштириш объектларини ташкил қилиш ва замонавий туристик инфратузилмани ривожлантириш режалаштирилган.
2026–2027-йилларга мўлжалланган дастур доирасида кўл атрофида янги туристик лойиҳаларни амалга ошириш, хизматлар кўламини кенгайтириш ва йил давомида сайёҳларни қабул қилиш учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Янги мажмуа тўлиқ амалга оширилса, Айдаркўл нафақат маҳаллий сайёҳлар, балки хорижий меҳмонлар учун ҳам жозибадор масканга айланиши, Навоий вилоятида туризмни ривожлантириш ва янги иш ўринларини яратишга муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.