Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Атмосферага юқори миқдорда чанг-газ чиқараётган корхона фаолияти тўхтатилди

Атмосферага юқори миқдорда чанг-газ чиқараётган корхона фаолияти тўхтатилди

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳудудий бош бошқармалари томонидан атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш, шунингдек, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал қилишга қаратилган рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.

Хусусан, Андижон вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан фуқароларнинг оҳак ва ғишт ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган тутун ҳамда чанг сабабли нафас олиш қийинлашаётгани юзасидан билдирилган мурожаатлари асосида тегишли ўрганиш ва назорат тадбирлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида оҳак ва ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти назоратга олиниб, масъулларга атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, белгиланган экологик меъёрларга риоя этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини амалдаги норматив талаблар асосида ташкил этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, корхоналарда ўрнатилган чанг ва газ тозалаш ускуналарининг самарадорлиги ўрганилди, лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинди. Олинган намуналар белгиланган тартибда текширилади ҳамда таҳлил натижаларига кўра қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилади. Қолаверса, ҳудудларда аниқланган 2 та қўлбола оҳак пишириш ўчоғи бартараф этилиб, қонуний чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан ғишт ишлаб чиқарувчи «S.M.» корхонасида ҳам экологик талабларга риоя этилиши юзасидан назорат-рейд тадбири ўтказилди. Ўрганиш давомида корхона атмосферага юқори даражада чанг-газ чиқараётганлиги аниқланиб, фаолияти вақтинча тўхтатилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Рейд тадбирлари республиканинг барча ҳудудларида давом эттирилмоқда.

Киритилди: Бугун 12:14. Ўқилди: 224 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!