Уруш бошланганидан бери Россия асирлигидаги 200 дан ортиқ украиналик аскар ҳалок бўлди.
Associated Press бу ҳақда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, БМТ ва Украина ҳукумати вакилларига таяниб хабар бермоқда.
Украина маълумотларига кўра, украиналик ҳарбийлардан камида 206 нафари Россия томонидан асирликд ушлаб турилган пайтда ҳалок бўлган. Associated Press'нинг Украина прокуратурасига таяниб ёзишича, жанг майдонида яна 245 нафар аскар Россия аскарлари томонидан ўлдирилган.
Қайд этилишича, жасадлар қайтарилиши ва шахси аниқланиши жараёни давом этар экан, ҳалок бўлган ҳарбий асирлар сони янада ортиши мумкин. Бироқ суд-тиббиёт экспертлари ўлим сабабини аниқлашда қийинчиликларга дуч келишмоқда.
Россия томонидан асирга олинган Украина ҳарбий хизматчиларининг қарийб 97 фоизи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари мониторинги бўйича маҳаллий миссиясига оғир шароитлар ва қийноқлар, жумладан, калтаклаш, электр токи билан қийнаш, жинсий зўравонлик ҳолатлари ва қатллар ҳақида маълум қилган.