Россия президенти Владимир Путиннинг Хитойга ташрифи Ғарб оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинмоқда. Таҳлилчилар фикрича, музокаралар Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатларда тобора кучайиб бораётган иқтисодий номувофиқликни яна бир бор намоён қилди.
BBC Рус хизмати хабарига кўра, ташриф жуда дабдабали ташкил этилган бўлса-да, муҳим сиёсий ёки иқтисодий келишувларсиз якунланган.
АҚШда жойлашган The Wire China нашрининг ёзишича, музокаралар ташқи томондан тенг ҳуқуқли учрашувга ўхшаган бўлса-да, амалда кучлар мувозанати Пекин фойдасига оғган.
Нашрга кўра, “икки лидер, икки байроқ ва ‘чегарасиз шериклик’ ҳақидаги баёнотлар” ортида ҳақиқий муносабатлар асимметрик тус олган.
Ғарб кузатувчилари фикрича, Украинадаги уруш ва Ғарб санкциялари туфайли Россия иқтисодий жиҳатдан Хитойга тобора кўпроқ қарам бўлиб бормоқда.
The Guardian газетаси эса Хитой Дональд Трамп ва Владимир Путинни деярли бир хил даражада тантанали кутиб олганини ёзди. Аммо протокол деталларида фарқ сезилган.
Маълум қилинишича, Дональд Трампни аэропортда Хитой вице-президенти Хан Чжен кутиб олган бўлса, Владимир Путинни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И қарши олган.
Таҳлилчилар буни Пекиннинг Москвага муносабати ва янги “Ғарбсиз дунё тартиби”да Россияга ажратилган ўриннинг рамзий кўриниши сифатида баҳоламоқда.