15—20 сентябр кунлари Сурияда маҳаллий парламент — Халқ кенгаши (Мажлис аш-Шаб)га муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтади. Бу ҳақда 27 июл, якшанба куни Суриянинг Sana давлат ахборот агентлиги мамлакатнинг июн ойида тузилган сайлов комиссияси раиси Муҳаммад Таҳа ал-Аҳмадга таяниб хабар берди.
Бир кун аввал ал-Аҳмад Сурия президенти Аҳмад ал-Шаръага (Муҳаммад ал-Жулани номи билан ҳам танилган) ўтиш давридаги президентликка сайловлар ўтказиш режаларини тақдим этган эди. Сурия сайлов комиссияси раҳбарининг сўзларига кўра, ал-Шаръа тегишли фармонни имзолаганидан сўнг уч ҳафта ичида Сурияда сайлов органлари тузилади, шундан сўнг номзодлар ариза топшириши ва дебатлар ўтказиши мумкин бўлади.
Режага кўра, Республика халқ кенгаши таркибига 210 нафар депутат киради. Бироқ уларнинг фақат учдан икки қисми фуқароларнинг овоз бериш натижаларига кўра танланади – қолган 70 нафари мамлакат президенти томонидан тайинланади. Ўтиш даврида парламент Сурия учун янги қонунчиликни шакллантиришга масъул бўлади ва мамлакат учун доимий конституция яратишга ёрдам беради.