Арманистонда фермерлар помидор савдоси билан боғлиқ муаммолар туфайли Ереван-Ерасх автомагистралини тўсиб қўйишди.
Бу ҳақда маҳаллий News.am агентлиги хабар берди.
Хабарга кўра, намойишчилар мева-сабзавот савдоси билан боғлиқ муаммога ечим топишни талаб қилмоқдалар. Намойишчилар полиция талабларига қарамай, машиналарини йўлга қўйишди ва йўлни тозалашдан бош тортишди.
Намойишчилардан бирининг сўзларига кўра, расмийлар ҳар йили ҳосил савдоси билан боғлиқ муаммони ҳал қилишга ваъда беришмоқда, аммо вазият янада ёмонлашмоқда. Фермерларнинг таъкидлашича, уларнинг маҳсулотлари ички бозор учун мўлжалланган бўлса-да, экспортдаги қийинчиликлар ички савдога ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Фермерлар кредитларни кечиктиришни ёки ҳосилни сотиб олиш билан боғлиқ муаммога ечим топишни талаб қилмоқдалар. Акс ҳолда, улар норозилик намойишларини кучайтириш билан таҳдид қилишди.