Бугун 11 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Арманистонда икки нафар россиялик ҳарбий ҳибсга олинди

Арманистонда икки нафар россиялик ҳарбий ҳибсга олинди

Арманистонда Россиянинг Гюмри шаҳридаги ҳарбий базасида хизмат қилувчи икки нафар ҳарбий Украина фуқаросини калтаклашда гумонланиб ҳибсга олинди. Ҳодиса тахминан бир ой олдин содир бўлган. Бу ҳақда «Озодлик» радиосининг Арманистон хизмати хабар берди.

Жабрланувчи Дмитрий Самуиленко ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, Гюмри шаҳрининг Ани ҳудудида икки нафар россиялик ҳарбий томонидан калтакланганини маълум қилган.

Арманистон Тергов қўмитаси маълум қилишича, бир гуруҳ шахслар томонидан жисмоний зўравонлик ишлатилгани бўйича жиноий иш қўзғатилган. Суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Икки нафар ҳарбий енгил тан жароҳати етказишда айбланиб, ҳибсга олинган. Ҳужум сабаблари ҳозирча аниқланмаган.

Бу Гюмрида россиялик ҳарбийлар иштирокидаги зўравонлик ҳолати ҳақидаги биринчи хабар эмас. Аввалроқ ҳуқуқ ҳимоячиси Артур Сакунц Арманистон Бош прокуратурасига россиялик ҳарбийлар ёш йигитни калтаклаётгани ва таҳқирлаётгани акс этган видеотасвирни тақдим этган эди.

Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини ва улар якунланганидан сўнг кейинги чоралар бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилди.

Россиянинг Гюмридаги ҳарбий базаси ва Арманистондаги Россия элчихонаси ҳозирча ушбу ҳодисалар юзасидан расмий изоҳ бермаган.

Киритилди: 23:26 10.11.2026. Ўқилди: 227 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар