АҚШнинг Ямандаги авиазарбалари оқибатида камида 38 киши ҳалок бўлди, 102 киши яраланди.
Бу ҳақда Яманнинг “Ансор Аллаҳ” ҳаракатидан ҳутий исёнчилар назорати остидаги Al Masirah телеканали маълум қилди.
Унга кўра, Ал-Ҳодейда провинциясининг Қизил денгиз соҳилида жойлашган, нефть терминали жойлашган Рас-Иса портига жумага ўтар кечаси ҳаводан ҳужум қилинган. У ерда катта ёнғин чиқди. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари камида 14 та рейд ўтказди, улар шифокорлар ва фуқаролик мудофааси ходимлари бомба портлаш жойига етиб келганидан кейин ҳам давом этди. Тиббиёт ходимлари орасида ҳам ўлим ҳолатлари кузатилмоқда.
АҚШ Марказий қўмондонлиги, ўз навбатида, Рас-Иса порти вайрон қилингани ҳақида хабар берди. Унинг "Х"даги баёнотига кўра, бу исёнчиларни нефть маҳсулотларини сотишдан "ноқонуний даромад" ва ёқилғи олишдан маҳрум қилган.