Дастлаб Трампнинг 28 банддан иборат тинчлик режаси Украинадан барча қўшинлар чиқарилишини ва Донбассда “нейтрал демилитаризация қилинган буфер ҳудуд” яратиш таклифини ўз ичига олган эди, деб ёзади нашр.
Газета ҳудудий масалани "тинчлик келишувини издан чиқариши мумкин бўлган жиддий тўсиқ", деб атайди. Россия ҳам, АҚШ ҳам Украинадан Донбассдан қўшинларини тўлиқ олиб чиқишни талаб қилмоқда.
"Трамп маъмурияти амалдорлари, жумладан АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, сўнгги ҳафталарда украиналикларни “ҳудудлар алмашинуви”га рози бўлишга ундаб келмоқда. Вашингтон буни “Киев ва Москва ўртасидаги исталган тинчлик келишуви учун муқаррар”, деб ҳисоблашмоқда", дейилади Financial Times мақоласида.
Музокараларда иштирок этаётган украиналик амалдорларнинг айтишича, АҚШ Корея яриморолини Шимолий ва Жанубий қисмларга ажратиб турувчи демилитаризация қилинганига ўхшаш моделни илгари сурмоқда. Бироқ Украина раҳбари Володимир Зеленскийнинг фикрича, бу барқарор тинчликка эмас, фақатгина “можарони вақтинча музлатиш”га олиб келади.