АҚШ ҳукумати яширин ҳарбий дастур доирасида ўзга сайёра космик кемаларини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда АҚШ Миллий геофазовий разведка агентлиги собиқ ходими ва Ҳарбий ҳаво кучлари ветерани Девид Граш "NewsNation" нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Булар <...> келиб чиқиши ер сайёрасига ёт бўлган техник транспорт воситалари, агар хоҳласангиз, уларни космик кемалар деб атанг, ерга қўнган ёки ҳалокатга учраган экзотик транспорт воситаларидир”, – фикр билдирди Граш.
Собиқ разведкачининг сўзларига кўра, унга “ҳукуматнинг кучли ҳимоя остидаги баъзи сирлари” ишониб топширилган. Унинг таъкидлашича, Америка ҳукумати ўнлаб йиллар давомида ўзга сайёраликлар кемаларини таъмирлаб келган.
Аммо Граш миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан бу борада бирон бир далил тақдим этишдан бош тортди.
Май ойи охирида Стенфорд университети профессори Гарри Нолан Нью-Йоркда мазкур мавзу доирасида бўлиб ўтган конференцияда ўзга сайёраликлар аллақачон Ерга ташриф буюрганини ва одамлар уларга дуч келганини, бироқ ким билан мулоқотга кирганини тушуна олмаганлигини айтганди.