АҚШ ва Исроил дипломатик музокаралар барбод бўлган тақдирда, ноябрь ойидаги оралиқ сайловлардан кейин дарҳол бошланиши мумкин бўлган Эронга қарши янги ҳарбий операция режасини ишлаб чиқди.
Axios портали хабар беришича, бу ҳақда АҚШ ва Исроил расмийлари маълум қилди.
Манбаларга кўра, душанба куни Исроил мудофаа армияси Бош штаби бошлиғи, генерал Эяль Замир АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) раҳбари, адмирал Брэд Купер билан эҳтимолий зарбалар олдидан ҳаракатларни мувофиқлаштириш масаласида музокаралар ўтказган.
«Сўнгги дақиқада келишувга эришилмаса, оралиқ сайловлардан кўп ўтмай кенг кўламли бомбардимонлар билан ҳужум операциясининг қайта бошланиши эҳтимоли юқори. Иттифоқчилар Эроннинг ядровий объектлари, энергетика инфратузилмаси ва олий раҳбариятига қарши бир ҳафталик кенг кўламли зарбалар кампаниясини тайёрламоқда», — дея таъкидлаган манбалар.
Қайд этилишича, айни пайтда Қатар бошчилигидаги минтақавий воситачилар, шунингдек, Саудия Арабистони, Туркия, Покистон ва Миср Эронга қарши янги зарбаларнинг олдини олишга уринмоқда.
Улар Теҳронни айрим активларни музлатишдан чиқариш ва нефть экспортига қўйилган чекловларни юмшатиш эвазига Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) инспекторларини ядровий объектларга киритишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. Воситачилар Эрон раҳбариятини ён бериш янги кенг кўламли бомбардимонлар тўлқинининг олдини олиш учун қолган ягона имконият эканидан огоҳлантирмоқда.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп оралиқ сайловлардан кейин Эронга янги зарбалар берилиши мумкинлигини истисно қилмаган ва ҳозирги вазиятда «ҳамма нарса бўлиши мумкин»лигини айтган эди.