АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича музокараларнинг кейинги босқичи июнь ойининг бошида бўлиб ўтиши мумкин.
Бу ҳақда Al Arabiya телеканали манбаларга таяниб хабар берди.
Учрашув Ҳаж мавсуми тугаганидан кейин Покистон пойтахти Исломободда бўлиб ўтиши кутилмоқда. 2026 йилда зиёратнинг асосий маросимлари 25-29 май кунлари оралиғида бўлиб ўтади.
Манбалар, шунингдек, ҳозирда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида якуний тинчлик келишуви устида ишлар олиб борилаётганини даъво қилмоқда.
Бундан ташқари, Покистон армияси штаби бошлиғи Асим Мунир келаси жума куни "келишувнинг якуний версияси"ни тақдим этиш учун Эронга келиши мумкин.