АҚШ сунъий интеллект соҳасидаги технологик пойгада орқага суриши мумкин. Бу ҳақда ABI Research таҳлилий агентлиги ҳисоботида маълум қилинди.
Трамп божхона тўловлари ҳозирги кўринишда — аксарият мамлакатлар учун 10%, Хитой учун эса 145% миқдорида кучга кирса, Америка сунъий интеллект соҳасидаги етакчилигини йўқотиш хавфи остида қолади.
Таҳлилчилар барча сервер қисмларининг нархи кескин ошишини башорат қилмоқда. Сунъий интеллект қувватларини ошириш учун эса биринчи навбатда миқёс самараси муҳим — йирик инфратузилма лойиҳасида битта деталнинг нархи озгина ўзгариши ҳам улкан харажатларга олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, Хитойдан ташқари бошқа давлатлар ҳозирча жавоб божхона тўловларини эълон қилмаган ва АҚШ маъмуриятининг ҳаракатларига қараб қарор қабул қилади.
Америка компаниялари жорий йил давомида бир неча бор таъминотчилар занжирини қайта тузишига тўғри келиши эҳтимолдан холи эмас.