Қўшма Штатлар Конгрессининг Республикачи ва Демократик партиялари вакилларидан иборат сенаторлар гуруҳи Россиянинг музлатилган 300 миллиард доллардан ортиқ активларини мусодара қилиш ва уларни Украинага ёрдам сифатида йўналтиришга чақирди.
Нашрга кўра, сенаторлар бу масала юзасидан АҚШ давлат котиби Марко Рубиога мактуб йўллаган. Қайд этиш жоизки, шу пайтга қадар Вашингтон Киевни фақат Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромадлар орқали қўллаб-қувватлаб келаётган эди.
Сенаторлар, шунингдек, Россияга босимни кучайтириш ва урушни тўхтатиш учун Оқ уй қандай молиявий воситалардан фойдаланишга тайёр эканини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Мактубга республикачи сенаторлар Тодд Янг ва Линдси Грэм, шунингдек, демократлар Ричард Блюментал ва Тим Кейн имзо чеккан. Reuters'нинг таъкидлашича, бу мактуб юқори лавозимли республикачиларнинг Москвага нисбатан кескин чоралар кўришга очиқ чақириқ қилишининг камдан-кам учрайдиган мисолларидан бири ҳисобланади.