"Президент Трампнинг “Буюк ва ажойиб қонун”и Америка автомобилининг собиқ шон-шуҳратини қайтаради", деб ёзилган Х ижтимоий тармоғида чиқарилган постда.
Бироқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари суратдаги автомобилнинг дизайни совет даврида тегишли машина — ВАЗ-2101 (Лада 1200) ёки “Жигули”га жуда ўхшашлигини пайқашди.
Одамлар бу постга ҳазиломуз тарзда "Америка ниҳоят эски “Лада”ларни ишлаб чиқарадиган бўлди" деб ёзишди.
Эслатиб ўтамиз, июл ойининг бошида АҚШ президенти “Буюк ва ажойиб қонун” номли солиқларни камайтиришга оид қонунни имзолаган эди. Трампнинг фикрича, бу қонун иқтисодий ўсишга туртки беради, бироқ сўровномаларга кўра, кўплаб америкаликлар бу ташаббусга шубҳа билан қарамоқда ва уни маъқулламаяпти.
Трамп вакили бўлган Республикачилар партиясининг бир неча конгрессменлари ҳам ушбу қонун лойиҳасига қарши чиққан, чунки у давлат қарзининг ўсишига олиб келиши мумкин.