Қўшма Штатлар Олий суди Доналд Трамп маъмуриятининг 350 минг нафардан ортиқ Гаити ва Сурия фуқароларини Вақтинчалик ҳимояланган статус (TPS) дан маҳрум қилиш ҳаракатларини ўрганмоқда. Ушбу статус уруш ва табиий офатлар туфайли ўз юртига қайта олмайдиган мигрантларга АҚШда қонуний яшаш ва ишлаш ҳуқуқини беради.
Трамп маъмурияти бу имтиёзлар доим вақтинчалик бўлганини даъво қилиб, уларни бекор қилмоқчи. Бироқ қуйи босқич судлари бу қарорни тўхтатиб қўйган.
Судьяларнинг фикрича, маъмурият давлатлардаги хавфсизлик шароитларини етарлича баҳоламаган ва қарор ортида "ирқий адоват" бўлиши мумкин. Олий суднинг якуний қарори нафақат Гаити ва Сурияликлар, балки жами 1,3 миллион муҳожирларнинг тақдирини ҳамда президентнинг муҳожирлик соҳасидаги ваколатлари чегарасини белгилаб беради.