Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» заводи АҚШ янги санкцияларига учради. Шунингдек, 2022 йил бошида заводнинг 98,6 фоиз акциясини сотиб олган, Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA ҳам чекловлар остида қолди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги сайтида маълум қилинди.
2021 йил май ойида Кипрнинг Lamanka Enterprises компанияси «Оҳангаронцемент» заводи устав капиталидаги 84,197 фоиз улушни сотиб олганди. Битим суммаси 557,6 миллиард сўмга баҳоланган эди. 2022 йил январь ойида Британия Виржиния оролларининг Giacinttar ва Lamanka Enterprises компаниялари «Оҳангаронцемент»даги улушларини 1,88 триллион сўмга сотганини эълон қилди. Кейинчалик харидор Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA экани маълум бўлганди.
АҚШ Молия вазирлигининг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси (OFAC) янги санкциялар рўйхатига киритилган бир қатор компаниялар, жумладан Akkermann Cement CA билан операцияларни 11 июлгача тугатиш талабини қўйган.
OFAC жисмоний ва юридик шахсларни миллий хавфсизлик, ташқи сиёсат ва санкциялар мақсадида ушбу рўйхатга (SDN List) жойлаштиради. SDN рўйхатидаги компанияларнинг активлари блокланади. Америка фуқаролари ва шахсларига улар билан ҳар қандай бизнес ёки битимлар олиб бориш тақиқланади.