Қўшма Штатлар Туркия террорчи деб ҳисоблаган YPG (курдлар олий кенгашининг халқ ҳимояси бўлинмалари)ни қўллаб-қувватлаш доирасида Сурия шимолидаги Кобани шаҳри яқинида ҳарбий база қурмоқда.
Бу ҳақда Sabah газетаси хабар бермоқда.
"Маҳаллий манбалар АҚШ қўшни Ироқдаги базани тарк этгани ва Айн ал-Араб, яъни Кобани номи билан ҳам машҳур бўлган шаҳарга бетон блоклар ва бошқа материаллар жўнатганини маълум қилди" - деб ёзади газета.
Шунингдек, ҳудудда ишлаётган журналистларнинг таъкидлашича, АҚШ байроғи остидаги 13 та юк машинаси Кобанига бетон конструксияларни қуриш учун блокларни олиб келган.
Бундан ташқари, Sabah нашрининг эслатишича, шу ҳафта бошида Қўшма Штатлар ўнлаб Bradley пиёда жанговар машиналарини жойлаштирган ва YPGга ҳаво мудофаа тизимлари ва зирҳли техникаларни топширган.
Sabah газетаси Туркия расмийларининг Анқара ПКК ва YPGга нисбатан Суриянинг янги маъмуриятига ишонаётгани ҳақидаги баёнотларини эслайди. Шу билан бирга, Туркия, агар "курд милицияси" тарқалишдан бош тортса, ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилган.