АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Ғарбий соҳилда исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги сабаб Исроилга қарши чоралар кўриш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Haaretz газетаси хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, АҚШ маъмурияти жиддий қоидабузарликларда айбланаётган ЦАҲАЛ бўлинмаларига нисбатан чекловлар жорий этиш, шунингдек, Америкада ишлаб чиқарилган қуроллардан фойдаланишга чеклов қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ кўчманчилар томонидан амалга оширилган ҳужумларга кўз юмганликда айбланаётган исроиллик ҳарбийлар ва полиция ходимларини «қора рўйхат»га киритиши мумкин.
Америка расмийлари вазият ривожини диққат билан кузатиб бормоқда.
Газета маълумотига кўра, эҳтимолий чоралар Исроил ва АҚШдаги сайловлар якунлангунига қадар кечиктирилиши мумкин.