АҚШ Президенти Доналд Трамп маъмурияти Жанубий Кореядан минглаб АҚШ ҳарбий хизматчиларини олиб чиқиб, уларни Гуам ҳамда Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги бошқа жойларга кўчириш имконини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда америкалик расмийларга таяниб, “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Трамп маъмурияти Жанубий Кореядаги 28 минг 500 нафар АҚШ Қуролли кучлари таркибидан тахминан 4500 нафар ҳарбий хизматчини олиб чиқиш ғоясини муҳокама қилмоқда. Бу қадам доимий равишда таҳдид солаётган Шимолий Корея шароитида Жанубий Кореяда хавфсизликка оид хавотирларни кучайтириши мумкин.
Мудофаа расмийларининг таъкидлашича, ушбу ғоя АҚШ Президенти кўриб чиқиши учун тайёрланмоқда ва Пхенянга нисбатан сиёсатни қайта кўриб чиқишнинг норасмий қисми сифатида қаралмоқда.
Ушбу ғоя Трамп маъмурияти АҚШ ҳарбийларининг Жанубий Кореядаги жойлашувида “стратегик эгалик”ни ошириш, Хитойнинг тажовузкорликка моил сиёсатига қарши туриш ва Жанубий Кореяни ўз мудофааси учун кўпроқ масъулиятли бўлишга ундаш мақсадида қўшимча чоралар кўриши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар фонида пайдо бўлган бўлиши мумкин.
Пентагон эса АҚШ Қуролли кучларининг Жанубий Кореядаги сонини қисқартириш бўйича ҳеч қандай расмий баёнот мавжуд эмаслигини маълум қилган.