Вашингтон Фаластин раҳбарияти ва Фаластин Озодлик Ташкилоти (ФОТ) аъзоларига нисбатан визавий чекловлар жорий этди.
АҚШ Давлат департаменти баёнотига кўра, гўёки фаластинлик расмийлар Исроил билан тинчлик жараёнига “халақит бераётган” экан. Бироқ айнан исроиллик делегатлар ўтган ҳафтада ҲАМАС билан тинчлик келишувини имзолашдан бош тортган эди.
Фаластин томони можарони тўлиқ тўхтатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторида чиқариш талабини қўйди. Аммо Тель-Авив бу бандларни сўнгги дақиқада рад этди. Шундан сўнг Нетаняҳу ҳукуматида Ғазо ҳудудининг айрим қисмларини аннексия қилиш ва ноқонуний яҳудий посёлкаларини қуриш режаси муҳокама қилина бошланди.
Визавий чекловлар 1 августдан кучга кирди ва бу чекловлар рўйхатидаги шахсларга АҚШга киришни тақиқлайди. Аммо АҚШ расмийлари аниқ исмларни ошкор қилмади.
Давлат департаменти баёнотида Фаластин маъмурияти ва ФОТ можарони “интернационаллаштиришга” уринётгани, хусусан, Халқаро жиноий судга мурожаат қилаётгани ва фаластин давлатининг тан олинишини талаб қилаётгани қайд этилган.
Фаластин маъмурияти ва ФОТ бу борада ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади. Бу тузилмалар одатда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Фаластин давлатини тан олишни қўллаб-қувватлаб келган. Балки айнан шу сабаб АҚШ фаластинликларни шундай “жазолашга” қарор қилган бўлиши мумкин.
Бу ҳафта АҚШ ва “Катта Еттилик”даги иттифоқчилари ўртасида Фаластинни тан олиш масаласида дипломатик келишмовчилик юзага келди. Канада сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Фаластин давлатини тан олиш ниятида эканини билдирди. Франция ҳам қўллаб-қувватлади, Буюк Британия эса сентябрга қадар Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилса, шундай қарор қабул қилишини маълум қилди.
Исроил эса Канада, Франция ва Буюк Британиянинг бу қадамлари кескин қоралади. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам иттифоқчилар қарорларини “ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас” дея танқид қилди.
Шунингдек, АҚШ ва Исроил 28–30 июль кунлари Франция ҳамда Саудия Арабистони томонидан Нью-Йоркда ўтказилган тинчлик бўйича халқаро конференцияни очиқчасига бойкот қилди.