Нашрнинг манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ Энергетика вазирлиги ядро каллагига эга янги кучли бункерга қарши бомбани ишлаб чиқиш учун келгуси молия йили бюджетига миллионлаб доллар киритишни сўрамоқда.
Гап самолёт орқали етказиладиган Nuclear Deterrent System-Air-delivered (NDS-A) номли авиацион ядровий ўқ-дори лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Бундай бомбалар қўмондонлик пунктлари, омборлар, шахта мажмуалари ва қалин тупроқ ёки бетон қатлами билан ҳимояланган бошқа объектларга зарба бериш учун мўлжалланган.
"NDS-A Қўшма Штатларга зарба бериш қийин бўлган ва еростида чуқур жойлашган нишонларни йўқ қилиш учун қўшимча ядровий имкониятлар яратади. Бу эса душманлар ўзларининг қимматли активларини АҚШ ядровий кучлари қўли етмайдиган жойга яшира олмаслигини кафолатлайди", — деди АҚШ Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси (NNSA) вакили.
Ядро қуроли соҳасидаги истиқболли ишланмалар дастури учун бюджет сўровида 99,8 миллион доллар кўзда тутилган. The War Zone маълумотларига кўра, NDS-A аввалги B61-7 асосида яратилади ва портлашдан олдин ерга кириб боришга имкон берувчи мустаҳкамланган корпусга эга B61-11 нинг ўрнини босиши мумкин.
B61 — АҚШ стратегик кучларининг асосий ядровий қуроли ҳисобланган термоядровий авиабомбадир. У 1960—йилларда ишлаб чиқилган ўқ-дори асосида яратилган.