АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича эълон қилинган минглаб ҳужжатларни, жабрланганларнинг шахсий маълумотлари ошкор бўлгани туфайли интернетдан олиб ташлади, деб ёзмоқда New York Post.
Нашрнинг суд ҳужжатларига таяниб хабар беришича, файлларни ўчириш қарори, Эпштейндан жабрланганларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокатлар Нью-Йоркдаги икки судяга ҳужжатларнинг ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини маълум қилганидан кейин қабул қилинган.
Адвокатларга кўра, тахминан 100 нафар жабрланувчининг шахсий ҳаёти жума куни нашр этилган 3 миллиондан ортиқ ҳужжатлардаги бепарво таҳрир туфайли “тубдан ўзгарди”. Ҳужжатларда жабрланганларнинг фотосуратлари, электрон почта манзиллари, исмлари ва банк ҳисоблари ҳақидаги маълумотлар оммага очиқ бўлган.
Нью-Йорк жанубий округининг прокурори Жей Клейтон, Жеффри Эпштейн ва Гислeйн Максвелл иштирокидаги одам савдосига оид ишларни назорат қилувчи судялар Ричард Берман ва Пол Энгелмаерга ёзган мактубида, Адлия вазирлиги жабрланувчилар ёки уларнинг вакиллари кўрсатган барча материалларни олиб ташлаганини маълум қилди.
Шунингдек, вазирлик ўзи ҳам "ўчирилиши лозим бўлган" ҳужжатларнинг катта қисмини аниқлади. Департамент таҳрирдаги кўплаб хатоликларни "техник ёки инсон омили" билан изоҳлади ва махфий ҳужжатлар билан ишлаш протоколларини қайта кўриб чиқишини билдирди.