Бугун 8 сентябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Ангренда даҳшатли авария: 7 киши ҳалок бўлди

Ангренда даҳшатли авария: 7 киши ҳалок бўлди

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида 8 та автомобил иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, Тошкент вилояти Ангрен шаҳри ҳудудидан ўтган А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро автомобил йўлнинг 93 километрида фуқаро А.Р. бошқарувидаги цемент ташувчи Shacman русумли юк автотранспорти бошқарувни йўқотиб, ҳаракат йўналишидаги темирйўл кесишмасида тўхтаб турган иккита юк автомашинаси ҳамда бешта енгил автотранспорт воситалари билан тўқнашиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этган.

Тўқнашув вақтида келиб чиққан ёнғин воқеа жойига етиб келган махсус куч ва воситалар ёрдамида тезкорлик билан ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида 7 нафар фуқаро воқеа жойида вафот этган, турли тан жароҳатлари олган 5 нафар фуқаро тиббиёт муассасаларига ётқизилган, шунингдек, 4 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйларига жавоб берилган.

«Ҳозирда вазиятни тўлиқ ўрганиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда оғир оқибатларга олиб келган шарт-шароитларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли давлат органларининг мутахассисларидан иборат Бош вазир ўринбосари А.Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, воқеа тафсилотлари ўрганилмоқда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябр куни соат 12:20 атрофида Қамчиқ довонидан Ангрен шаҳрига кириб келиш жойида даҳшатли авария рўй берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда автомобиллар ёниб кетгани акс этган. Видеолардан бирида ҳайдовчилардан бири кабинадан чиқишга улгургани акс этган, бу эса цемент ортилган юк машина ҳайдовчиси эди.

Бундан олдинроқ, Тошкент вилояти ИИББ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан (Одамлар ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди.

Киритилди: Бугун 05:26. Ўқилди: 1488 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!