Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Андижоннинг "замҳокими" нега жавобгарликдан қочмоқда? Унга ислоҳотлар бегонами?

Андижоннинг "замҳокими" нега жавобгарликдан қочмоқда? Унга ислоҳотлар бегонами?

Сўнгги йилларда юртимизнинг ҳар бир нуқтасида кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида қурилиш ишларининг ҳажми йилдан-йил ортмоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Аммо, надоматлар билан айтишимиз мумкинки, иморатларни қурилишида вақтида кўплаб, узоқ йиллик дарахтларнинг кесилиш ёки нобуд бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мана шундай ҳолатларни олдини олиш, давлат фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни сақлаб қолиш мақсадида мораторий жорий қилинган.

Шундай ҳолатлар бўладики, айрим дарахт ва буталарни кесиш лозим бўлиб қолади. Кесиб ташлай деса, мораторийга амал қилмаганларга жазо бор.

Хўш, бундай ҳолатларда нима қилиш мумкин?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги қарори билан тасдиқланган давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига асосан туман (шаҳар) ҳокимликлари давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси органларининг хулосаларига асосан Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш рухсатномалар бериши белгиланган. Ушбу хизматдан юридик ва жисмоний шахслар Давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилишлари мумкин. Шундан сўнг уларнинг аризалари туман (шаҳар) ҳокимлигига ва Давлат экология қўмитасига юборилади. Экология қўмитаси 5 иш кун мобайнида дарахтлар ва буталарнинг ҳолатини, шунингдек, уларнинг кесилиши бўйича мувофиқлигини ўрганади. Хулосаларини тегишли ҳокимлик органларига юборади. Хокимлик 1 иш куни мобайнида Давлат экология қўмитаси органининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда рухсатномани бериш учун тўлов тўланганидан сўнг рухсатномани расмийлаштириб, тасдиқлайди. Рухсатномани ДХМга ёки ариза берувчига ЯИДХП орқали юборишни таъминлайди. Қайд этиш лозимки, ушбу Регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беришлари лозим.

Маълумотларга кўра, Андижон шаҳар ҳокимлигига 2020 йилнинг июль ойидан 2021 йилнинг октябрь ойига қадар давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома беришни сўраб, , жами 80 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Афсуски, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар давомида Андижон шаҳар ҳокимлигининг ушбу давлат хизматини кўрсатиш учун масъул ходимларининг эътиборсизлиги ҳамда шаҳар ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод Тўрақуловнинг етарли назорат ўрнатмаганлиги натижасида регламент талаблари мунтазам равишда қўпол тарзда бузилиб келинаётганлиги аниқланган. Яъни, аксарият аризалар мурожаат қилинганидан кейин орадан 8-9 ой ўтиб, Агентлик аралашуви билан ижро этиш ҳолатлари кузатилган.

Мисол учун, Андижон педагогика коллежининг 2020 йил 23 июлдаги, Мудофаа ишлари бошқармасининг 2020 йил 12 августдаги, Меҳнат бош бошқармасининг 2020 йил 18 декабрдаги, "BEXRUZBEK GRAND" МЧЖнинг 2020 йил 10 сентябрдаги, фуқаро С. Қаҳҳаровнинг 2020 йил 4 ноябрдаги мурожаатлари жорий йилнинг 28-30 апрел кунлари кўриб чиқилган. Шунингдек, Андижон шаҳридаги Болалар шаҳарчасининг 2021 йил 5 мартдаги аризасига ҳам орадан икки ой ўтиб жавоб берилган. Афсуски, бундай ҳуқуқбузарликни содир этиш ҳолатлари ҳанузгача давом этмоқда.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Д. Тўрақулов Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2155-моддасига асосан ДХА вилоят бошқармасига чақирилган. Бироқ, ушбу мансабдор шахс жавобгарликдан қочиб, чақирув хатига асосан келмаётгани маълум бўлди.

Қонун барча учун баробар, дейишади. Аммо, Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари жавобгарликдан қочмоқда. Наҳотки, президент командасида ишлаётган Д. Тўрақулов давлат раҳбарининг ислоҳотларига оёқ қўйса.

Умиджон Мамарасулов,
ДХА вилоят бошқармаси
ахборот хизмати ходими

Киритилди: 13:52 07.10.2021. Ўқилди: 2915 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!