Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида фаолият юритган ноқонуний дори ишлаб чиқариш цехи фош этилди.
Ушбу манзилда 4 та МЧЖ томонидан тегишли рухсатнома ва сертификатларга эга бўлмаган ҳолда, турли хил дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарилган.
Тезкор тадбир жараёнида «Simbaby», «Doclungc», «Leron», «Yodigan», «Polivit» каби қарийб 100 турдаги маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.
Уларни тайёрлаш жараёнида белгиланган технологик талаблар қўпол равишда бузилиб, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилмаган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний тарзда тайёрланган тиббий маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 млрд сўмни ташкил этади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутахассислар аҳолини дори воситаларини фақат ишончли ва лицензияга эга дорихоналардан харид қилишга чақирган.