Бугун 17 апрель, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Андижонда Марказий Осиё ёшлари учун “Digital Valley” оромгоҳи ташкил этилди

Андижонда Марказий Осиё ёшлари учун “Digital Valley” оромгоҳи ташкил этилди

Андижон шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ёшларига бағишланган ахборот технологиялари йўналишидаги “Digital Valley” оромгоҳи ташкил этилди.

Ушбу объект “Digital City” технопарки, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАО ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси ҳамкорлигида, Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги кўмагидаги қўшма ташаббус маҳсули.

Оромгоҳ БМТ Бош котиби Тинчлик ўрнатиш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” номли лойиҳасини амалга ошириш доирасида фаолият юритади.

Андижонда ўтказилаётган “Digital Valley” ахборот технологиялари оромгоҳининг асосий мақсади – Фарғона водийси ва қўшни мамлакатлар ёшлари ўртасида ахборот технологиялари соҳасига умумий қизиқиш асосида дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Беш кунлик дам олиш таътилида ахборот технологиялари соҳасидаги экспертлар ва маҳорат усталари амалий машғулотлари ёрдамида талабаларга бўлажак касбни эгаллаш усулларини ўргатади. Оромгоҳнинг ўқув дастури турли мавзулар, жумладан, рақамли технологияларга кириш, иловалар веб-ишланмаси, рақамли маркетингни қамраб олган.

Оромгоҳдаги ёзги тренинглар қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Фарғона водийсининг ахборот-коммуникация салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали ушбу ҳудудни етакчи ахборот технологиялари марказига айлантириш учун замин яратади, дейиш мумкин.

Олтмиш нафар талаба дастурлаш, график дизайн ва рақамли маркетинг ихтисосликлари бўйича уч гуруҳга бўлинган.

– Ушбу оромгоҳ Марказий Осиё ёшлари учун рақамли технологиялар ҳамда одамлар турмуш тарзини яхшилаш мақсадида улардан қандай фойдаланиш кераклиги ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконини яратади, – деди БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю. – Биз XXI асрда муваффақиятга эришиш учун зарур кўникмаларни ривожлантиришда ҳудуддаги ёшларни қўллаб-қувватлашга интиламиз.

Мутахассис, шунингдек, тажриба асосида репродуктив саломатлик ҳақидаги маълумотлар ва ресурсларга эга бўлиш, фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилишни ўрганиш мумкинлигини таъкидлади.

ФАО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори ўринбосари Шерзод Умаров мавжуд имкониятни кенгайтириш ҳамда ёшларимизни рақамли технологиялар салоҳиятидан фойдаланишга илҳомлантириш жуда муҳим эканини қайд этган. Зеро, ушбу технологиялар дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва келгуси авлод учун атроф-муҳитни муҳофаза қилишда асосий ўрин тутади.

Киритилди: 22:16 24.07.2023. Ўқилди: 2721 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!